Тошкент “Shining Star” номли FIG тасдиқлаган бадиий гимнастика бўйича халқаро турнирга мезбонлик қилади.
Жаҳон Кубоги босқичидан сўнг, Ўзбекистон пойтахти Тошкентда бадиий гимнастика оламида яна бир муҳим воқеа — “Shining Star” халқаро турнири бўлиб ўтади. Ушбу нуфузли мусобақалар Жаҳон гимнастикаси федерацияси (FIG) ҳомийлиги остида ташкил этилади, бу эса мусобақаларнинг юксак мақомга ва жаҳон майдонидаги аҳамиятга эга эканлигини тасдиқлайди.
Турнирни ўтказиш ташаббуси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга тегишли. Давлат раҳбарининг 2022 йил 23 декабрдаги қарорига асосан, “Shining Star” мусобақалари илк бор 2023 йилда ташкил этилган, 2024 йилда ҳам муваффақиятли ўтказилган ва 2025 йилдан бошлаб FIG расмий мақомини олган. Бу бадиий гимнастикани Ўзбекистонда ва халқаро майдонда ривожлантириш ва оммалаштиришда муҳим қадам бўлди.
Жорий йилда турнирда 11 мамлакатдан 59 нафар гимнастикачи иштирок этади: Тожикистон, Мўғулистон, Қозоғистон, Мадагаскар, АҚШ, Сурия, АИН (индивидуал нейтрал спортчилар), Сингапур, Туркия, Қирғизистон ва, албатта, Ўзбекистон.
Юртимизни турнирда икки таркибдан иборат терма жамоа тақдим этади:
1-жамоа
Индивидуал машқлар: Виктория Никифорова, София Усова
Гуруҳ машқлари: Алана Ҳафизова, Милана Сафина, Кристина Шин, Жасмин Яхлакова, Ёсина Жураева, Замира Хвальчева
2-жамоа
Индивидуал машқлар: Лейсан Кузменко, Сабина Қағирова, Ясмина Алимардонова, Сабрина Зариббоева
Гуруҳ машқлари: Елизавета Конева, Малика Турахўжаева, София Тютина, Саодат Жанибекова, Наргиза Аҳмадова, Амина Янгаева
Турнир низомига кўра, ҳар бир мамлакатдан энг яхши натижа кўрсатган жамоа умумий ҳисобга киритилади. Спортчилар жамоавий ҳисоб, гуруҳлик кўп кураш, ҳамда индивидуал ва гуруҳлик машқларнинг алоҳида турлари бўйича медаллар учун кураш олиб борадилар.
Эътиборга лойиқ жиҳат шундаки, FIG қоидаларига мувофиқ, ҳар бир дастур турида пьедесталга фақат битта спортчи чиқиши мумкин. Бироқ, мезбон мамлакат сифатида Ўзбекистонга индивидуал машқлар бўйича икки нафар гимнастикачини совриндорлар қаторидан кўриш ҳуқуқи берилган.
“Shining Star” турнири нафақат Ўзбекистоннинг бадиий гимнастика соҳасидаги нуфузини оширади, балки тажриба алмашиш, халқаро спорт ҳамкорлигини мустаҳкамлаш ва ёш истеъдодларни қўллаб-қувватлаш учун ажойиб майдон бўлиб хизмат қилади.